Қонунчиликда белгиланган имкониятлар ва имтиёзлар тушунтирилди
Жорий йил 13 август куни давлатимиз раҳбари томонидан тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларини ишга солиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими орқали тайёр маҳсулот экспортини 2 баробар ошириш, кооперацияни кучайтириб, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилган эди.
Берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари О.Махмадалиев Қонликўл туманида жойлашган тўқимачилик корхонасида бўлиб, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимини қўллаш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб борди.
Бугунги кунда ушбу корхонада 600 га яқин маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган. Сўнгги 3 йил давомида корхона Туркия, Россия, Хитой каби давлатларга 23 миллион 3699 минг АҚШ доллари қийматидаги 8541 тонна ип-калава маҳсулотини экспорт қилган.

Учрашув давомида божхона масъуллари томонидан корхона раҳбарига «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимининг афзалликлари тушунтирилиб, режимдан фойдаланган ҳолда келгусида корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятлари амалий мисолларда кўриб чиқилди. Тўқимачилик соҳаси учун қонунчиликда яратилган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги