«Фаол ҳаётга қадам» дастури йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025-йил 8-майда қабул қилинган ПҚ-171-сонли қарор – «Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга йўл очиб берди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Нукус туманида ҳам «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида янги турдаги ижтимоий хизматлар жорий этилди. Ташаббускор тадбиркор – якка тартибдаги фаолият юритувчи Сарсенбаев Отабек томонидан ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун 3 турдаги хизмат йўлга қўйилди:
уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш;
уй шароитида парваришлаш;
кундузги қатнов асосида қараб туриш.
Хизматлардан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда
Дастур доирасида ижтимоий хизматлардан фойдаланаётганлар сони босқичма-босқич ошмоқда. Жумладан:
2025-йил 24-июндан бошлаб 3 нафар фуқаро кундузги қатнов асосида қаров хизматидан фойдаланмоқда;
60 нафар ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатилиб келинмоқда;
2 нафар шахсга уй шароитида парваришлаш хизмати, шунингдек 3 нафар шахсга тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати йўлга қўйилди.

68 нафар фуқаро дастурдан фойдаланмоқда
Бугунги кунга келиб, Нукус тумани бўйича жами 68 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасидаги хизматлардан фойдаланмоқда.
Мазкур ташаббус нафақат аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, балки муҳтож шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси