Умуммиллий бирдамлик – жамият тараққиётининг асоси

Беруний туманида бўлиб ўтаётган “Умуммиллий бирдамлик фестивали” доирасидаги тадбирлар юртимизда инсон қадри, ижтимоий бирдамлик ва фаровон ҳаёт сари олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасига айланди. Ушбу фестивалда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлари фаол иштирок этиб, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш йўлида самарали ишлар олиб бормоқда.
Фестиваль доирасида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда Беруний туманидаги Истиқлол маҳалласида жойлашган имконияти чекланган болаларга мўлжалланган кундузги парваришлаш хизматига ташриф уюштирилди. Ушбу муассасада тарбия олаётган болалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ривожланишидаги ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Шунингдек, Пахтакор маҳалласида “Асадали” МЧЖ томонидан уй шароитида ташкил этилган кундузги парвариш хизматида ёлғиз, кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўздан кечирилди. Бу ерда 18 ёшдан катта аҳоли қатламига 5 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. “Инсон қадри учун” шиори остида ўтказилган суҳбатлар чоғида депутатлар нуронийлар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитдилар.

Ёшлар билан ишлаш масаласида ҳам фестиваль доирасида муҳим ташаббуслар амалга оширилди. “Фаровон ҳаёт сари илк қадам” дастури асосида ташкил этилган бизнес тренинглар орқали ёш авлодга тадбиркорлик кўникмалари берилди. Бу жараёнда депутатлар томонидан ёшларнинг ғоялари қўллаб-қувватланиб, уларга амалий маслаҳатлар берилди. Тижорат банки вакиллари ва тадбиркорлар иштирокидаги семинарлар ёшлар учун фойдали бўлиб, уларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур фестиваль доирасида депутатлар аҳолининг турли қатламлари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳаётини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ўзларининг амалий фаолиятларини яна бир бор намоён этдилар. Бу эса партиянинг халққа яқин бўлиш, унинг манфаатларига хизмат қилиш борасидаги устувор йўналишларини яққол кўрсатиб бермоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги