“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

166

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси баёни ижроси доирасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” бош ғояси асосида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими тантанали равишда ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош ташкилотчилигида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ёшлар ишлари агентлиги анжуманлар залида бўлиб ўтган тантанали маросимда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, ижод аҳли ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов тадбирда сўзга чиқиб, танлов натижалари ҳақида маълумот берди.

– Танловимизга тақдим этилган ижодий ишлар ранг-баранг, турли жанрларда, – деди Холмурод  Салимов. – Улар орасида мустақиллик йиллари, айниқса кейинги 8-9 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, янги Ўзбекистон ғояси, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида амалга оширилаётган ишлар натижаларига бағишланган материалларни ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, жамиятимиздаги ютуқ ва муаммолар, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари ифода этилган ижодий ишлар ҳам ўрин олган.

Бу йилги танловда ижодий ишлар қуйидаги 7 та номинация бўйича қабул қилинди. “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет-журналистика”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” каби номинациялар шулар жумласидан.

Бу йил “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” бош ғояси остида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичига 7 номинация бўйича 366 нафар ижодкор — журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, кино ҳамда тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналишидаги ижодкорлардан 1 минг 900 дан зиёд ижодий иш тақдим этилган.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари тақдим этилган ишларни беш баллик тизим асосида баҳолади. Бунда мавзунинг долзарблиги, “Янги Ўзбекистон” ғоясининг ифодаси, таҳлилийлик, асарнинг бадиий қиммати, мустақиллик ғоясининг акс этиши ҳамда талқиннинг ўзига хослиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Ғолибларни аниқлаш жараёнида танқидий-таҳлилий руҳдаги материалларга махсус урғу берилди.

Қайд этилишича, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинациясида 79 нафар журналист ўзининг 474 та ижодий иши билан иштирок этди. Эътиборли жиҳати –  танловда қатнашчилар сони ортиши билан уларнинг ижодий ишлари сифати ҳам юксалган. Ғолибликка номзодларнинг кўплиги ҳакамлар ҳайъати учун энг муносибларни саралаб олишда маълум қийинчилик туғдиргани табиий. Шунга қарамай, нуфузли ҳакамлар ҳайъати синчков ва холисона ёндашиб, энг яхши ижодий ишларни саралаб, муносиб ғолибларни аниқлади.

Бадиий публицистика — жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларга, шунингдек, дунё минтақаларида юз бераётган ва инсон онг-шуури, дунёқараши ҳамда турмуш тарзига таъсир кўрсатаётган воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоб муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсулидир.

Бу жанрда даврнинг ижтимоий ва маънавий-ахлоқий қиёфаси, ютуқ ва муаммолари, жамият олдида турган муҳим вазифалар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари аниқ-равшан ифода этилади. Шу маънода, бадиий публицистикани даврнинг ижтимоий солномаси деб аташ мумкин.

Танловнинг “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинациясида бу йил ўтган йилга нисбатан кўпроқ — 25 нафар ижодкор иштирок этди. Улар орасида

тажрибали устоз журналистлар ҳам, ёш ижодкорлар ҳам борлиги қувонарли. Энг муҳими, тақдим этилган китоблар орасида маънавий хазинамизга айланишга арзийдиган дурдона асарлар мавжуд.

–   Ҳозирда ижодкорларнинг овози ҳар қачонгидан ҳам баралла янграмоқда, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира, “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинацияси ғолиби Зулфия Мўминова. – Ижодкорларнинг фаолияти давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқда. Бу эътибор ижод аҳли зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.

Айтиш керакки, танловнинг “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” номинацияси бўйича 77 нафар ижодкордан 462 га яқин ижодий иш тақдим этилди. Ушбу материаллар шакл ва мазмун жиҳатидан турли-туман бўлиб, уларда ислоҳотлар натижаси, ҳудудлардаги янгиланишлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, шунингдек, “Инсон қадри учун” ғоясининг ҳаётий ифодаси аниқ мисоллар асосида ёритилди. Алоҳида қайд этиш керакки, телерадиоматериалларда бугунги куннинг долзарб масалалари — мустақилликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини улуғлашга хизмат қиладиган мавзулар таъсирчан тарзда акс эттирилди.

Маълум бўлишича, бу йил танловнинг “Интернет-журналистика” номинациясида 81 нафар ижодкор қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати ушбу номинация бўйича тақдим этилган 486 дан зиёд турли жанрдаги материалларни кўриб чиқди. Қувонарлиси, танловда нафақат журналистлар ва эркин ижодкорлар, балки блогерлар ҳамда давлат органлари ахборот хизматлари ходимлари ҳам иштирок этди. Улар орасида ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ҳам борлиги қувонарли.

Танлов қатнашчилари тақдим этган материалларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кенг ёритилди. Шу билан бирга, жамиятимизда учраб турадиган муаммолар ҳам тилга олиниб, уларнинг сабаблари чуқур таҳлил асосида очиб берилди.

Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Назокат Усмонова,

Алимурод Мамадаминов (сурат),

ЎзА мухбирлари