Субсидия ва грант маблағларидан қандай фойдаланилмоқда? (+видео)

125

Бугунги кунда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ва мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги кунга қадар соҳага оид 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, нодавлат секторнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилган. Хусусан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкинлиги назарда тутилган.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонун 11-моддасининг Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Мазкур ўрганиш якунлари қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Навоий вилоятида жами 504 та ННТ Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган. 2025 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Навоий вилоят бўлинмасига давлат грантига 1 миллиард 191 миллион 657 минг сўм, давлат субсидияси учун 2 миллиард 554 миллион 170 минг сўм ажратилгани айтиб ўтилди.

Қашқадарё вилоятида 1 август ҳолатига жами 598 та ННТ Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган. Фонднинг Қашқадарё вилоят бўлинмасига давлат грантига 310 миллион сўм, давлат субсидияси учун 3 миллиард 837 миллион 300 минг сўм маблағ ажратилгани қайд этилди.

Депутатлар қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан бирга, грант лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида уларнинг давомийлигини таъминлаш масаласида маҳаллий ташкилотлар ва аҳоли билан самарали интеграцияга етарлича эътибор қаратилмаганини таъкидладилар.

—  Ҳар иккала вилоятдаги ўрганишларимиз давомида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти билан танишдик, — дейди қўмита аъзоси Имомназар Турсунов. — Ажратилган субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклидаги маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ҳолатига эътибор қаратдик. Энг аввало, ушбу маблағлар жамиятдаги ижтимоий муҳитни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ногиронлиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, янги туғилган чақалоқларни асраб қолиш, кўчаларни ёриткичлар билан таъминлаш каби мақсадларга ажратилган. Бу борада амалга оширилган ишлар билан танишдик. Шу билан бирга, маблағларнинг ноқонуний сарфлангани ёхуд белгиланган вақтида ажратилмагани каби камчиликлар ҳам кузатилди.

Муҳокамаларда давлат гранти танловларини эълон қилишда ижтимоий соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал этишга эътиборни кучайтириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ННТлар учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш харажатларини келгуси грант ва субсидия танловлари шартларига алоҳида банд сифатида киритиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, ҳар бир грант лойиҳаси учун молиявий ҳисоботларни Ягона электрон платформа орқали тақдим этиш тизимини жорий этиш, грант маблағларидан самарали, мақсадли ва шаффоф фойдаланиш бўйича ННТлар учун доимий малака ошириш курсларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳтарама Комилова,  

Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео),  

ЎзА