Кўрик-танлов ғолиблари маълум бўлди (+видео)

197

Нукусда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Утемисов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримов, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси У.Утегенова, Қорақалпоғистон ахборот  агентлиги директори Б.Нурабуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини ҳамда иштирокчиларини мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек,  давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 10 июлидаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан жойларда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган турли тадбирлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Мазкур қарорда Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси билан биргаликда “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказиш белгиланган.

Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 30 нафардан ортиқ ижодкор ўзларининг 200 дан зиёд ижодий иши билан иштирок этишди. Улардан энг муносиблари ғолиб деб топилди. Жумладан, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” номинациясида — “Қорақалпоғистон маданияти” газетасининг масъул котиби Эльмира Сайтжанова,  “Телерадио ижодкорларининг материаллари” йўналишида —Қорақалпоғистон телеканали “Хабар ахборот тахлил дастурлари” бош муҳарририяти шарҳловчиси Арзихан Ибраимова, Қорақалпоғистон радиоканали “Хабар ва ахборот таҳлил дастурлари” бош муҳарририятининг 1-тоифали мухбири Мийригул Тилепова, “Интернет журналистика” йўналишида — Қорақалпоғистон ахборот агентлиги етакчи шарҳловчиси Адилбай Оразов,  «Шоир ва ёзувчиларнинг бадиий асарлари» йўналишида — Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби Бекназар Ерназаров, “Тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари” йўналишида — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Мақсад Ҳабибуллаев, «Кино санъати асарлари» йўналишида —“Қорақалпоқфильм” давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Гульмира Сапаровалар танлов ғолиблари бўлишди.

– Энг улуғ, энг азиз байрам, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги арафасида танлов ғолиби бўлганимдан мамнунман, – дейди “Қорақалпоғистон маданияти” газетасининг масъул котиби Эльмира Сайтжанова,  –Бундай эътироф ҳар бир ижодкорни янада руҳлантиради.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА