Қорақалпоғистонда Япониянинг «YORI-I» лойиҳаси ўз фаолиятини бошлади

93

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Япониянинг «YORI-I» лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Фарҳод Эрманов, шунингдек, Япониянинг Ямагата университети профессори Онодера Тадаши иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 27-январдаги ПФ-10-сонли Фармонида белгиланган топшириқлар ижроси доирасида «YORI-I» лойиҳаси асосида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга менторлик кўникмаларини шакллантириш ишлари йўлга қўйилди. Фармоннинг 27-банди 1-қисмида қайд этилишича, 2025-йил охиригача Япониянинг тадбиркорлик йўналишидаги мутахассис ва профессорлари иштирокида 50 нафар ёш тадбиркор ментор сифатида тайёрланади.

Шу мақсадда, жорий йилнинг июнь ойида Япониядан мутахассислар ташриф буюриб, республиканинг барча ҳудудларидан 50 нафар ёш тадбиркор танлаб олинди. Эндиликда улар Ямагата университети томонидан 60 соатлик махсус ўқув дастури асосида онлайн ва офлайн шаклда таълим олади. Дастур 2025–2026 йиллар давомида амалга оширилади.

Мазкур ташаббусни амалга оширишда Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда Ямагата университети ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ф.Эрманов лойиҳа ташкилотчилари ва иштирокчиларига муваффақиятлар тилаб, мазкур ташаббус Қорақалпоғистон ёшлари учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги