Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

86

Тўрткўл туманида 695 гектар майдондаги боғдорчилик учун ажратилган ерларда 90 та фермер хўжалиги аҳолини сарҳил мевалар билан таъминламоқда.

Хусусан, тумандаги “Баракат Сохдиён” фермер хўжалигида етиштирилган мевалар деҳқон бозорига пешма-пеш етказиб берилмоқда. Ҳозирда хўжаликда жами 12 гектар боғ мавжуд бўлиб, шундан 7 гектари узумзор, қолган қисмини эса олма ташкил этади.

Фермер хўжалиги нафақат ёз ва куз мавсумида, балки қишда ҳам аҳолини ширин мевалар билан таъминлаш мақсадида музлатгичлардан фойдаланади. Шу тариқа, янги йил дастурхонига ҳам янги узилган мевалар етказиб берилади. Хўжаликда 7-8 нафар боғбон доимий ишлайди. Мавсумда эса 20-30 нафардан ортиқ ишчи жалб қилинади.

***

Нукус тумани “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги 18-сонли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг комил инсон бўлиб етишишида мактабгача таълимнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади ва мамлакатимиз мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами муносабати билан йиғилганларни табриклади. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари янги очилган мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишишди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш учун 5 миллиард 388 миллион сўм маблағ ажратилди ва у қисқа муддат ичида фойдаланишга топширилди.

***

2025 йил давомида Беруний туманида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 8 нафар ёшни уй-жой билан таъминлаш белгиланган.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида туманда яна бир нафар ёшга давлат ғамхўрлигининг амалий ифодаси сифатида бир хонали, барча қулайликларга эга турар жой топширилди.

Инсон ижтимоий хизматлар марказининг Беруний тумани бўлими томонидан берилган ушбу хонадон Суҳроб Йўлдошев учун катта совға бўлди. Ҳозир у талаба. Мақсади – келажакда илм-фан соҳасида катта ютуқларга эришиш.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири