Умуммиллий бирдамлик – жамият тараққиётининг асоси

105

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида бўлиб ўтаётган “Умуммиллий бирдамлик фестивали” доирасидаги тадбирлар юртимизда инсон қадри, ижтимоий бирдамлик ва фаровон ҳаёт сари олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасига айланди.

Ушбу фестивалда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлари фаол иштирок этиб, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш йўлида самарали ишлар олиб бормоқда.

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда тумандаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган имконияти чекланган болаларга мўлжалланган кундузги парваришлаш хизматига ташриф уюштирилди. Ушбу муассасада тарбия олаётган болалар ҳолидан хабар олиниб, улар ривожланишидаги ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Шунингдек, “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Асадали” масъулияти чекланган жамияти томонидан уй шароитида ташкил этилган кундузги парвариш хизматида ёлғиз, кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўздан кечирилди. Бу ерда 18 ёшдан катта аҳоли қатламига 5 турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. “Инсон қадри учун” шиори остида ўтказилган суҳбатлар чоғида депутатлар нуронийлар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглашди.

Ёшлар билан ишлаш масаласида ҳам фестиваль доирасида муҳим ташаббуслар амалга оширилди. “Фаровон ҳаёт сари илк қадам” дастури асосида ташкил этилган бизнес-тренинглар орқали ёш авлодга тадбиркорлик кўникмалари берилди. Бу жараёнда депутатлар томонидан ёшларнинг ғоялари қўллаб-қувватланиб, уларга амалий маслаҳатлар берилди. Тижорат банки вакиллари ва тадбиркорлар иштирокидаги семинарлар ёшлар учун фойдали бўлиб, уларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур фестиваль доирасида депутатлар аҳолининг турли қатламлари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳаётини яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ўзларининг амалий ёрдамларини беришди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири