Чегарачиларга янги уй калитлари топширилди (+видео)

111

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таҳсинга сазовор.

Мана яқинда ҳам мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани “Қорақалпоғистон”  фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қисмларнинг бирида ўз  хизмат фаолиятларини олиб бораётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун мўжалланган хонадонларининг калитларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Байрам шукуҳига жўр бўлаётган карнай-сурнай оҳанглари остида бошланган байрам тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси вакиллари, Қўнғирот тумани  фаоллари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлигининг масъул офицерлари иштирок этишди.

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда юртимиз ҳимоячилари учун муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратишга катта эътибор қаратилаётгани, фойдаланишга топширилаётган шинам хонадонлар ҳам ана шу юксак эътиборнинг намунаси эканини алоҳида қайд этдилар.

Таъкидланганидек, Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш энг олий бурчдир. Давлатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш каби масъулиятли вазифаларни бажариб, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинчлигини таъминлашда чегарачиларимизнинг ўрни беқиёс.

Байрамона, бир текисда саф тортган, юзларида хурсандчилик акс этган ҳарбий хизматчиларга шу куни замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилган, замонавий жиҳозлар билан таъминланган, барча қулайликларга эга, 48 хонадондан иборат муҳташам уйнинг  калитлари топширилди. Шунингдек, уларнинг рафиқалари  бандлигини таъминлаш мақсадида  қурилган, тўлиқ жиҳозланган тикувчилик цехи ҳам иш бошлади.

Довуд Абибуллаев,  Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА