Ҳарбий қисмда “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси ўтказилди

97

“Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ташкил этган “Нотариуслардан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар” шиори остида акция бўлиб ўтди.

Тадбирда “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бӯлими бошлиғи Т. Романов, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг бошлиғи З.Яхипов, Тахиатош туманида жойлашган ҳарбий қисм командири ӯринбосари, майор О.Мамадраимов сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти борасида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг Нотариал палатага бағишланган бобида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш белгилаб қўйилган. Мазкур тадбир жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини такомиллаштириб бориш орқали аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишини таъминлаш, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, нотариал хизматлар мазмун-моҳияти ҳамда уларнинг кундалик ҳаётдаги аҳамияти ҳақида тушунчаларни кенгайтириш, ҳуқуқий саводхонликни мустаҳкамлаш орқали фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний асосда ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадларини кўзда тутади.

Акциянинг дастлабки куни Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар Гулистон Сейтанова ҳамда Элеонора Дошмуратовалар томонидан ҳарбий хизматчиларга уй-жой, квартира, хизмат турар жойи, ихтисослаштирилган уйлар ижара шартномаси (қўшимча ижара) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мулк, олди-сотди, мерос ҳуқуқи, оилавий муносабатлар ва никоҳ шартномасини расмийлаштириш, ишончнома ва аризани расмийлаштириш, совға, ижара, ҳужжат таржимасини тасдиқлаш ҳамда миграция ва нотариал соҳага алоқадор бўлмаган турли масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, шу куни 7 нафар фуқарога мерос масаласида, 10 нафарига эса бошқа нотариал харакатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, акция 2020 йилдан бошлаб, 5 йил давомида амалга оширилиб келинмоқда. Унинг доирасида жами 17 минг 468 нафар фуқаро қамраб олинди.

Акция эртага Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида ҳам бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири