Инстаграм – кишининг “ташриф қоғози” лекин…

Бугунги рақамли асрда ижтимоий тармоқлар, айниқса инстаграм, нафақат кўнгилочар платформа, балки ҳар бир касб эгаси учун ўзини намоён қилиш, шахсий бренд яратиш ва мижозлар базасини кенгайтириш имкониятига айланган. Шифокорлар, ошпазлар, стилистлар, борт кузатувчилари, спортчилар, актёрлар, дизайнерлар ва бошқа кўплаб касб эгалари ўз йўналишлари бўйича блоглар юритиш орқали катта аудиторияга эга бўлмоқда.
Инстаграмда профессионал ёндашув билан контент яратиш ва доимий фаолият юритиш кишига бир неча афзалликлар беради. Мисол учун: мутахассис ўз иш тажрибаси, ёндашуви орқали бошқалардан ажралиб тура олади. Кўпроқ мижоз ва аудитория жалб қилиш билан доимий контентга қизиққан аудитория шаклланади. Қолаверса, мамнун мижозларнинг мутахассис ишларига мақтови ва яхши фикрлари билан бошқа мижозларда ҳам ижобий таассурот пайдо бўлади.
Шу билан бирга, инстаграмда алдов ва сохталик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Кўп ҳолларда нопрофессионал шахслар бошқа мутахассисларнинг ишларини ўзига тегишли деб эълон қилади. Аслини олганда эса улар у қадар мукаммал каcбий билимга эга эмас. Айрим блогерлар ҳомийлик постлари орқали сифатсиз маҳсулот ёки хизматларни тарғиб қилмоқда. Қолаверса, мутахассислик сертификатисиз фаолият юритиш ҳам жуда кўпайган. Бу, айниқса тиббиёт, косметология ва психология каби нозик соҳаларда хавфли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, обуначилар сонини сунъий кўпайтириш ва кўришлар сонини беркитиш сабабли блог эгаси фаолияти чиндан ҳам малакали эканини текшириш анча мушкул.
Бу каби ҳолатлар нафақат фойдаланувчиларни алдайди, балки ҳақиқий мутахассисларнинг ишончига путур етказади. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда, айниқса профессионал фаолият юритаётган шахслар учун, маълум бир ахлоқий ва ижтимоий “фильтр” зарурати туғилмоқда.
Келиб чиқаётган вазият сабабли, диплом, мавқе ва иш тажрибаси бир четда қолиб, бир блогер рекламаси ёки инсоннинг махсус психологик ундовлари орқали ўзига тортувчи сохта “мутахассис”ларга талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Косметолог препаратларини дозасидан зиёд ишлатгани учун мижозда олдини олиб бўлмас тери куйиш асоратларини келтириб чиқарса, ошқозон операциясини махсус билим ва кўникмаларсиз ўтказилишидан сўнг бемор соғлиғи оғирлашса, инсон ҳақиқий мутахассисни қандай топиш мумкинлигига ҳам иккиланади…
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш учун Инстаграм платформасида профессионал аккаунтлар учун алоҳида таснифлар, тасдиқлов механизмлари кучайтирилиши мумкин. Сохта контент ёки ёлғон маълумот тарқатувчи аккаунтлар ҳақида фойдаланувчилар хабар бериши мумкин бўлган очиқ тизимлар янада қулайлаштирилиши керак. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва мутасадди ташкилотлар томонидан ахборот маданияти бўйича маълумотлар бериб борилиши муҳим.
Инстаграм бугун ҳар бир инсон учун янги эшикларни очмоқда. Аммо бу имкониятлар билан бирга жавобгарлик ҳам ортмоқда. Ҳар бир мутахассис ўз соҳасида ҳалол, шаффоф ва ахлоқий мезонларга таяниб иш юритса, ижтимоий тармоқлар соғлом рақобат майдонига айланади. Шу боис, нафақат платформалар даражасида, балки жамият даражасида ҳам ахборот майдонини соғломлаштириш учун маънавий ва техник “фильтр”лар жорий қилиш долзарб бўлиб бормоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА