Ажойиб Хитой, гўзал Шинжон

ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент фотосуратлар уйида “Ажойиб Хитой, гўзал Шинжон” тасвирий санъат ва фотосуратлар кўргазмаси очилди.
Хитой ва Шинжон адабий ва санъат тўгараклари федерациялари, Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Шинжон рассомлар, Шинжон фотографлар уюшмалари ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма Хитой бадиий санъатини ўзбек халқига намойиш этиш мақсадига қаратилган.
Очилиш маросимида сўз олганлар мазкур кўргазма икки мамлакат санъат усталарининг цивилизациялар ўртасидаги мулоқотини ривожлантириш ва халқлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш, қалбларни боғлайдиган маданий кўприк барпо этиш, ўзаро дўстлик ришталарини чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маълумки, жорий йилда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном минтақаси ташкил топганига 70 йил тўлади. Сана олдидан ташкил этилган ушбу кўргазмада намойиш этилаётган асарларда Шинжоннинг табиий манзаралари, этник урф-одатлари, тараққиёти, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига оид чизгилар акс этган.
Кўргазма 30 августга қадар давом этади.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА