Мусобақа ва саёҳат ташкил этилди

165

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали томонидан Спорт ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида стол тенниси, волейбол ва кўпкураш туридан спорт мусобақалари ўтказилди.

Унинг очилиш маросимида бир қатор соҳа раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва устоз мураббийлар сўзга чиқиб, иштирокчи жамоа аъзоларига омад тилашди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан келган жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамда мактаб ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этишди. Ғолиб спортчиларга ташкилотчилар томонидан махсус диплом, кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди. Тақдирлаш маросими санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Иккинчи куни мусобақа иштирокчилари учун Хўжайли туманининг ҳудудида жойлашган Миздахқон археологик мажмуасига саёҳат уюштирилди. Тадбир давомида улар ушбу археологик мажмуа ҳақида кенг тушунчага эга бўлишди ва мароқли ҳордиқ чиқаришди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА