Дзюдочи ёшларимиз “Amman Cadet Asian Cup 2025”да 4 та медалли бўлди
133

Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган “Amman Cadet Asian Cup 2025” мусобақасида мамлакатимиз дзюдочилари 4 та медалга эга чиқди.
13 та давлатнинг маҳоратли дзюдчи ёшлари иштирок этган мусобақаларда терма жамоамизнинг 3 нафар аъзоси ғолиблик учун кураш олиб борди.

Терма жамоамиз аъзоси Иноят Телманов ўсмирлар ўртасида -73 килограмм вазнда ғолибликни тантана қилди.
Ёш дзюдчимиз Азизбек Ҳимматов -66 килограммда бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувларида иорданиялик Адам Алталафа ва саудиялик Сауд Алзаҳрани таслим этди. Бронза медали учун кечган баҳсда IJF байроғи остида турнирда иштирок этган россиялик Билал Эзхаевни енгиб, 3-ўринни қўлга киритди.

Маҳоратли спортчимиз Камрон Абдураззоқов -73 килограмм оғирликда ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда ҳам муваффақиятли қатнашиб, 2 та бронза медалига мушарраф бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА