Халқаро дайжест (+видео)

Вьетнам ҳукумати Хитойда кучайиб бораётган Кажики тўфони сабабли 586 мингдан ортиқ аҳолининг хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди. Хитой Миллий метеорология маркази маълумотига кўра, тўфон 24 август оқшомида Ҳайнан провинциясининг жанубий соҳилларини четлаб ўтган. У 25 август куни Вьетнам марказий ҳудудларига ёпирилиши кутилмоқда. Айни пайтда, Хитойнинг Санья шаҳридаги барча жамоат транспорти ва савдо масканларида фаолият тўхтатилган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага фақат битта шарт билан “мавжуд бўлиш” ҳуқуқи берилишини айтди. У мазкур шарт Россия аннексия қилган ҳудудлардан воз кечиш ҳисобланишини билдирди. Россия президенти Владимир Путин айнан шу талабни урушни тўхтатиш шарти сифатида илгари сурган эди.
Франция АҚШнинг Париждаги элчиси Чарльз Кушнерни 25 август куни Ташқи ишлар вазирлигига чақириш ниятида. Бунга элчининг Францияда антисемитизмнинг кучайишига қарши чоралар кўрилмаётгани ҳақидаги баёнотлари сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди. Кушнер — яҳудий миллатига мансуб бўлиб, АҚШ президенти Дональд Трампнинг қудаси ҳамдир (Иванка Трампнинг қайнотаси). У ўз мурожаатини Wall Street Journal газетасида эълон қилинган очиқ мактуб орқали Франция президенти Эммануэль Макронга йўллаган. Унда элчи Ғазо уруши бошланганидан бери Францияда яҳудийларга нисбатан нафрат кучаяётганини таъкидлаган.
Россия ва Украина ўртасида 24 август куни ҳар бир тарафдан 146 нафар маҳбус алмашилди. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди. Россия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Украинада ушлаб турилган 146 нафар россиялик ҳарбий хизматчи озод этилган. Бунинг эвазига 146 нафар Украина Қуролли кучлари аскари ҳам Украинага қайтарилган.
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров 2024 йилда Парижда қўлга олинишини Франция полициясининг хатоси, дея таъкидлади. Бу ҳақда у 24 август куни ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди. Дуровга кўра, орадан бир йил ўтиб ҳам олиб борилган суриштирувлар на унинг, на Telegram платформасининг айбдорлигини исботлай олган.
Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА