Ўзбекистон – Иордания муносабатларида янги давр бошланмоқда

969

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон Республикаси билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йилнинг февраль ойида ўрнатилган. 1994 йилнинг июнь ойида Тошкентда Иордания элчихонаси ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда қароргоҳи Ар-Риёзда бўлган Ўзбекистон элчиси бир вақтнинг ўзида Амманда аккредитациядан ўтган.

Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар янги суръатга эга бўлди. Томонлар ўзаро манфаатли муҳим салоҳиятга таянган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истагини намоён этмоқда. Жорий йилда дипломатик паспорт эгалари учун виза режимини бекор қилиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳамкорлик дастури имзолангани эътиборли. Бу қадамлар ўзаро муносабатларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар каби кўп томонлама форматлардаги иштироки Ўзбекистон – Иордания муносабатларини чуқурлаштириш учун қўшимча платформа яратмоқда.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда қарийб 4,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 4,3 миллион доллар бўлгани савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб бораётганини кўрсатади. Мамлакатимиз Иорданияга мис, қуритилган мева, ёнғоқ ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Иорданиядан амалга оширилаётган импорт таркибида эса фармацевтика, кимё маҳсулотлари, асбоб-ускуна ва машиналар салмоқли бўлмоқда.

Икки мамлакат инвестиция, саноат ва савдо вазирлари ўртасидаги 2025 йилдаги музокаралар ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади. Товарларнинг мамлакатларимиз бозорларига чиқишини соддалаштирадиган имтиёзли савдо битимини имзолаш, тоғ-кон саноати, жумладан, фосфатлар, мис ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, фармацевтика, тўқимачилик, енгил саноат ва рақамли иқтисодиёт жабҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим йўналишлар қаторига киради.

Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга олий даражадаги ташрифи давлатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда давом эттириш учун имконият яратиши кутилмоқда. Бу ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлиши шубҳасиз.

Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайнни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат тантанали маросим бўлиб ўтди.

Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди.

Давлат раҳбарлари аввал Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюрдилар.

Мазкур зиёратгоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири Қусам ибн Аббос ва бошқа арбобларнинг мақбараларидан ташкил топган. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий аҳамияти шундаки, у меъморчилик ва безак санъатининг бир неча аср давомидаги тараққиётини акс эттиради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Расман Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима ва куёви Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳисобланган Ҳошимийлар сулоласи вакили бўлган Иордания Подшоҳи Қусам ибн Аббос хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида Иордания делегациясига буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти, у тузган давлат ўз даврининг энг улкан мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат Регистон мажмуасида ҳам бўлдилар. Бу обидалар асрлар давомида илм-фан маркази бўлган, юзлаб олим ва тадқиқотчиларни камолга етказган. Ўзининг мукаммал жойлашуви ва уйғунлиги  туфайли Регистон ҳақли равишда Самарқанднинг «ташриф қоғози» ҳисобланади.

Танишув чоғида олий мартабали меҳмонга ушбу иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи ва нақшларининг ўзига хос жиҳатлари, майдонда олиб борилган реставрация ишлари ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Самарқанд халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуасини бориб кўрди.

Олий мартабали меҳмон халқимизнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмаларни томоша қилди. Рақс жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.

Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларнинг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган.
Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон – Иордания саммитининг асосий тадбирлари, шу жумладан, олий даражадаги музокаралар 26 август куни бўлиб ўтади.

Зиёдилла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА махсус мухбирлари