Кадастр: ҳар бир ходим билан суҳбат ўтказилди
Кадастр хизматларини кўрсатиш ва Ўзбекистон Республикасининг 937 сонли қонунига асосан хатлов ишларида соҳа мутахассисларининг коррупция ҳолатларини олдини олиш, хатлов давомида тамагирлик ва мансабдан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Урунбоев шаҳар ва туман филиалларида бўлиб, соҳа ходимлари ўртасида коррупциянинг оқибатлари ва унинг олдини олиш бўйича учрашувлар ўтказди.
Профилактик учрашувлар давомида яна бир мутахассисни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиб, халққа хизмат кўрсатишда ҳалол ва хизмат вазифасини ўз вақтида сифатли бажаришга чақирди. Шунингдек, ҳар бир мутахассис билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, уларнинг иш шароити билан танишилиб, коррупция иллатига мойиллиги ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаблари ўрганилди.

– Ўтказилган учрашувларда хатлов давомида мутахассисларни қийнаётган муаммолар ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилиб, хатловда бевосита масъул бўлган кадастр муҳандисларига ҳар ойда хатловда тўлиқ якунланиши лозим бўлган объектлар бўйича вазифалар белгиланди, – дейди бошқарманинг Инсон ресурсларини бошқариш бўлими бошлиғи Е.Палманов.
Бундай учрашувлар келгусида ёш кадрларнинг ҳалол фаолият юритишига, ўз ишига бўлган фидойилиги ҳамда маҳаллаларда олиб борилаётган хатлов ишларининг иш самарадорлигини оширишга катта туртки бўлиши аниқ.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги