Нодирбек Ёқуббоев “61st Rubinstein Memorial-2025” турнири ғолиби

Польшада шахмат бўйича поёнига етган “61st Rubinstein Memorial-2025” турнирида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев ғолибликни тантана қилди.
Кеча ўтказилган сўнгги 9-тур доирасида Ёқуббоев украиналик Игорь Коваленко билан баҳслашди. Ҳамюртимиз қора, рақиби оқ доналарда ҳаракат қилган ўйиннинг 9-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди.
Ғолиблик йўлида Нодирбек Ёқуббоевни таъқиб этган польшалик Радослав Войташек охирги турда қора доналарда чехиялик Давид Наварани мағлуб этган бўлса, германиялик Маттиас Блюбаум польшалик Ян Климковски билан дуранг ўйнади.

Поёнига етган учрашувлар сарҳисобига кўра, Нодирбек Ёқуббоев 6,5 очко билан турнирнинг олтин медалини қўлга киритди. Радослав Войташек 6 очко билан кумуш медалга, Маттиас Блюбаум 5,5 очко жамғарган ҳолда бронза медалига эга чиқди.
Мазкур турнирда эришган ғалабаси ортидан Нодирбек ўз ҳисобига +18.2 очко қўшиб, ФИДЕ рейтингида 15 та поғона юқорилади, ТОП-100ликда 45-қатордан жой эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА