Ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисидаги низом тасдиқланди

111

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ: 

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, қабул қилиш ҳамда четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, Агентлик тизимидаги спорт мактаблари битирувчиларига тегишли спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари учун тасдиқланган шаклда диплом ҳамда тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати берилади.

Ўқувчилар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул озиқ-овқат ва бино қуввати доирасида яшаш жойи билан таъминланади.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳақи фондининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Директор, директор ўринбосарлари, тренерлар, тиббиёт ходимлари, йўриқчи-услубчилар, спорт психологларига олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилганда, мазкур рағбатлантириш жамғармаси орқали тўловлар татбиқ этилмайди.

Агентлик тизимидаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда уларнинг мутахассислик фани бўйича малака тоифаси ҳамда миллий ёки халқаро сертификатлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар татбиқ этилади.

Спорт мактабларига фан йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ва камида иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар танлов асосида жалб этилади.

2025 йил 31 декабрга қадар спорт мактаблари ўқувчиларининг спорт мусобақаларида хавфсиз иштирокини таъминлаш мақсадида спорт мактабларига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан камида 50 ўринли 1 тадан автобус харид қилинади.

Ўқувчи-спортчи ва тренерларнинг тадбирларга, маҳаллий ва халқаро мусобақаларга тайёргарлиги ҳамда иштироки билан боғлиқ барча харажатлар Спорт вазирлигига ажратиладиган маблағлардан ушбу спорт мактаблари ҳисобварағига ўтказиб берилади.

ЎзА