Бирдамлик ва меҳир-оқибат намуналари кўрсатилди

108

Халқимизда асрлар оша ўз мазмун-моҳиятини йўқотмаган ибратли қадриятлар мавжуд. Бирдамлик, ўзаро меҳр-оқибат, саховат, ўзгалар оғирини енгил қилишдек эзгу тушунчаларни ўзида мужассам этган хашар ана, шундай миллий қадриятлардан бири ҳисобланади.


Мамлакатимизда энг улуғ ва энг азиз аййём – Мустақиллик байрами арафасида умумхалқ хайрия хашарини уюшқоқлик билан ўтказиш яхши анъанага айланиб улгурди.


Жорий йил ҳам 22–23 август кунлари «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки» шиори остида республика бўйлаб умумхалқ хайрия хашари ўтказилмоқда. Бу жараёнда ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланиб, барча идора ва ташкилотлар, аҳоли ва маҳалла фаоллари кенг иштирок этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳам мазкур хашарда фаол қатнашдилар. Идора атрофи, кўчалар чиройли тарзда тозаланди, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, аҳоли яшаш жойларида санитария-гигиена талабларига амал қилинди.


Бу каби кенг кўламли хайрли ишлар маҳаллаларимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади. Энг муҳими, бу жараён халқимизда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат туйғуларини янада мустаҳкамлайди.

 

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари