Пойтахтимиз қиёфаси янада гўззаллашади

Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган йирик ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга оид фармони асосида Нукус шаҳри марказида катта инвестициявий лойиҳага старт берилган.

Лойиҳа доирасида умумий 78 миллион АҚШ доллари инвестиция маблағлари ҳисобига замонавий меъморий талабларга жавоб берадиган беш юлдузли меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуаси барпо этилмоқда. Шунингдек, 22 қаватли икки турар-жой биноси ва кўп тармоқли савдо мажмуаси қурилиши ҳам режалаштирилган.

Айни пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳа шаҳар инфратузилмасини янгилаш, туристик салоҳиятни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий бизнес ривожига катта туртки бериши кутилмоқда.
Бу мажмуа Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.
Азизбек Дабылов
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари