Сунъий интеллект шунчаки восита, мақсадни инсон белгилайди!
Сўнгги йилларда интернет ва сунъий интеллект (АI) технологияларининг жадал суръатларда ривожланиши инсоният тарихида янги даврни бошлаб берди. Айниқса, ChatGPT, Мidjourney, Runway каби илғор сунъий интеллект воситалари минглаб инсонларнинг кундалик ҳаётини ўзгартириб юборди. Эндиликда логотип, презентация, анимация ёки видео тайёрлаш учун кунлаб, ҳаттоки ҳафталаб вақт сарфлаш шарт эмас. Тасаввурдаги ғояни ёзиб беришнинг ўзи кифоя, бир неча дақиқада тайёр маҳсулот қўлингизда бўлади.
AI воситалари орқали дизайн, таржима, матн ёзиш ва кодлаш каби мураккаб вазифаларни тез ва сифатли бажариш мумкин. Бу эса турли соҳаларда бирмунча қулайликлар яратмоқда. Ёшлар ўз ижодий ғояларини амалга оширишда технологиядан фойдаланиб, глобал миқёсдаги лойиҳаларда иштирок этишмоқда. Ҳозирда сунъий интеллектдан мақсадли фойдаланган инсон маълум бир кўникмаларни ўзи мустақил шаклда бемалол ўргана олиши мумкин. Аммо вазият 100 фоиз кўнгилдагидек эмас. Сунъий интеллект ривожланган сари ундаги назоратсиз контент ва саёзлик муаммоси ҳам бора-бора катталашмоқда. Кўп ҳолларда бу видеоларда тарбия ва ишончлилик масалалари охирги ўринларни эгаллаши ҳам ёлғон эмас.

Яқинда, бир хабар интернетни ларзага солди. Кўнгилочар томошалар учун мўлжалланган косатка ўз ўргатувчисини ваҳшийларча еб қўйган тасвири яшин тезлигида тарқалди. Ушбу видеони кўришлар сони ҳам миллиондан ошади. Инсонлар орасида таҳлика, ачиниш каби изоҳлар тўлиб кетди. Шундан сўнг, йирик ташкилотлар бу масала юзасидан жиддий изланишлар олиб борди. Маълумотлар текширилганда эса, видеода шахси келтирилган Жесика исмли қиз аслида мавжуд эмаслиги, видео шунчаки сунъий интеллект томонидан яратилгани тасдиқланди. Лекин аҳоли орасидаги шов-шув ҳалигача босилмади.

Аслида сунъий интеллект ривожи билан бир қаторда инсонларнинг медиасаводхонлиги ҳам бирдек ривожланиши керак. Бу икки ривожланишда эса анча тафовутлар бўлгани учун маъно муаммоси ҳам келиб чиқмоқда. Сунъий интеллект томонидан инсонлар образида ҳар хил ҳаёсиз видеолар, ахмоқона “маслаҳатлар” ва кўнгилочар, аммо мақсадсиз контент асосий оқимга айланган. Натижада, АI имкониятлари орқали фойдали лойиҳа ёки таълимий платформа яратиш ўрнига, бир кунлик машҳурликка олиб борадиган, ижтимоий фойдаси бўлмаган контентлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса сунъий интеллект имкониятларининг тўғри йўналтирилмаслиги оқибатида келажак авлодлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Аслини олганда, АI – бу восита, восита эса аниқ мақсад эмас. Айнан инсон бу орқали қандай натижага эришишни исташи ўз қўлидадир. Онгли инсон технологиядан ривожланиш, таълим олиш, инновациялар яратиш, илм билан шуғулланиш, жамиятга ижобий таъсир кўрсатиш учун фойдаланади. Ҳар бир блогер, контент яратувчи ёки оддий интернет фойдаланувчи ҳам ўз мазмунли контенти орқали бошқаларга ибрат, билим ва сабоқ улашиши мумкин.
Келажак технология билан белгиланади, аммо технологиянинг қайси йўналишда ривожланишини ҳозирги авлод белгилайди. Бугун биз, фойдаланувчилар, айниқса ёшлар, сунъий интеллект воситаларини ижодкорлик, таълим, фан ва тараққиёт йўлида ишлатишимиз зарур. Саёз ва маъносиз контентни эмас, мазмунли, тарбиявий ва замонавий ахборотни яратишга интилишимиз ва сунъий интеллект имкониятлари орқали ўз миллий қадриятларимиз, тарихимиз ва маданиятимизни дунё саҳнасида маълум қадар илгари суриш йўлларини излашимиз керак.
Сунъий интеллект – бу инқилобий восита. Аммо у қайси йўлга хизмат қилишини биз ҳал қиламиз. Бугун саёз контент эмас, мазмунли тараққиётга хизмат қилувчи технологиялар, лойиҳалар ва платформаларни кўпайтириш ҳар қачонгидан муҳимроқ. Мақсадсиз ҳаракатлар ўрнига, масъулиятли ёндашувни танлайлик!
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА