Самарадорликка эришиш чора-тадбирлари белгиланди

234

Қонликўл туманида фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган вазифаларга бағишланган амалий ўқув семинари ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, туман ҳокими Б.Султанов ва бошқалар туманда қишлоқ хўжалиги ишларининг боришига тўхталиб, фикр-мулоҳазалар билдирди.

Таъкидланганидек, туманда пахта ва ғалла етиштириш бўйича бир қанча ютуқлар билан бирга қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда.

Семинарда соҳани ривожлантириш, деҳқончиликда юқори натижага эришиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шундай семинар Кегейли туманида ҳам бўлиб ўтиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Ш.Тешаев раҳбарлигида ўтказилган семинарда туман фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирок этди.

Семинарда ғалла экиладиган майдонларни лазерли текислаш орқали суғоришни самарали ташкил этиш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш масалалари кўриб чиқилди. Фермерларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу тайёргарлик тадбирлари туманда ғалла ҳосилини кўпайтириш ва аҳолини нон маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги