Янги боғча фойдаланишга топширилди

169

Нукус тумани «Тақиркўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий 18-сонли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Ушбу муассаса мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, болажонлар учун муносиб шароит яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Маълумки, ҳурматли Президентимиз томонидан 2021 йил 18 сентябрда қабул қилинган «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5246-сонли қарор асосида қатор ҳудудларда янги ижтимоий объектлар барпо этилмоқда.

Шу қарор доирасида қуриб битказилган мазкур боғча 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий ўқув хоналари, уйин майдончалари ва қулай инфратузилмаси билан ажралиб туради. Объект қурилиши учун 5 миллиард 388 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, қисқа муддат ичида сифатли равишда фойдаланишга топширилди.

Янги мактабгача таълим ташкилотининг ишга туширилиши нафақат овул аҳолиси, балки бутун тумандаги ота-оналар учун катта қулайлик яратиб, болажонларнинг маънавий ва ақлий ривожланишига хизмат қилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги