Футзал: Янги мавсумда кучлиликка даъвогарларни башорат қилиб бўлмайди
Кейинги йиллардан футзал бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати ўйинлари, унинг савияси, Олий лига жамоалари ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан-да муросасизлиги билан мухлислар меҳрини қозонмоқда.
Куни кеча Олий лига баҳсларида қатнашадиган жамоалар учун трансфер ойнаси маҳаллий футзалчилар учун ёпилиши арафасида барча жамоалар таркибга келиб қўшилганлар рўйхатини эълон қилди.

Айни пайтга келиб Олий лиганинг 12 жамоасидан 8 таси хорижлик футзалчилар хизматидан фойдаланиш йўлини танлагани, Бразилиядан келган ўйинчилар сони 21 нафарни, умумий легионерлар сони эса 31 нафарни ташкил этаётгани Ўзбекистонда футзал жадал ривож топаётганидан, оммалашаётганидан далолат.
Жорий йилги чемпионат баҳсларида Бразилия қаторида Колумбия, Венесуэла, Тожикистон, Қирғизистон мамлакатларидан келган легионерлар билан бир қаторда, миллий терма жамоаларимизга номзод футзалчиларнинг кўплиги ўйинлар ҳар қачонгидан-да қизиқарли ўтишидан дарак бераётгандек.

Яна бир ўзига хос жиҳат, Олий лигада совринли ўринлар учун даъвогарлар сонини башорат қилиш мушкул. Зеро, барча жамоалар мавсумга катта ниятлар, мақсадлар билан тайёрланмоқда.
Бу, чемпионатга ҳозирлик жараёнида жамоалар ўртасида ўтказилган назорат учрашувларида қайд этилаётган натижаларда ўз аксини топди: SQB (4:2) ҳамда “BMB” (4:3) мамлакатимизда йиғин ўтказган Тожикистон миллий терма жамоасидан устун келди. “Локомотив” ОКМКни (4:1), “Сурхон” “BMB”ни (3:1) мағлуб этди. “Бунёдкор” OKMK билан дуранг ўйнади (4:4), «Oil Star» “Қизилқум” билан иккита назорат учрашувида майдонга чиқди (5:1, 6:5). Банкирлар Сингапур институти жамоасини 6:2 кўринишида доғда қолдирди.

Натижалардан кўриниб турибдики, барча жамоаларда ғолиблик учун истак, хоҳиш юқори. Демакки, чемпионатда ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Ҳар бир баҳс мухлисларга олам-олам завқ бағишлаши шубҳасиз.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат Олий лига баҳсларига қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 25 августида бўлиб ўтади.
2025-2026 йилги Олий лига футзал мавсумига 2 -7 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида старт берилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА