Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

112

Ҳозирда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ривожланиб, иқтисодий, маданий ва дипломатик соҳаларда фаол алоқалар йўлга қўйилган. Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Шу билан бирга, маданий алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Бунинг яққол далили сифатида Ўзбекистон фуқароларининг Хитойга сафарлари сонининг кескин ортганини кўрсатиш мумкин.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2025 йилнинг биинчи ярмида 14,6 минг нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилги статистикага нисбатан 6,9 минг нафарга ёки 88,5 фоизга ошган.

2025 йилнинг биринчи ярмида Хитойга сафар қилган Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги мақсадлар бўйича тақсимланган: саёҳат – 11 минг 390 нафар, қариндошларни йўқлаш – 2 минг 89 нафар, хизмат юзасидан – 595 нафар, таълим – 521 нафар, даволаниш учун 23 нафар.

Мазкур рақамлар туризмнинг энг етакчи мақсад бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Айниқса, Хитойнинг тарихий ёдгорликлари, замонавий шаҳарлари ва табиий гўзалликлари ўзбекистонлик сайёҳларни тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Шунингдек, қариндошларни йўқлаш бўйича сафарлар сонининг юқорилиги Хитойда яшовчи ёки ишлаётган ўзбекистонликлар сонининг ортиб бораётганидан дарак беради.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг кенгайиб бораётгани фуқаролар ҳаракатида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида Хитойга сафар қилган ўзбекистонликлар сонининг деярли икки баробарга ошгани – бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг чуқурлашиб бораётганини кўрсатади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА