Август ойини яхши кўраман!

155

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Ўзим фермер бўлганим учун азалдан август ойини яхши кўраман! Пахтанинг уруққа қўшилиш даври, сабзавот-полиз, боғдаги мевалар пишган ва уруғ йиғишга киришадиган босқич бўлгани учунми, боғбон ва деҳқонлар бу ойни яхши кўради.


Шунингдек, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан 20 август – мамлакатимизда «Тадбиркорлар куни» сифатида белгилангани фермерларнинг ҳам янгиликлар кутадиган байрамига айланган.

Оила аъзоларимиз билан ташкил этган «Орзу» фермер хўжалигини 2014 йилдан буён бошқариб келаман. Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 578 гектар эди, шундан экин майдони 175 гектарни ташкил этиб, 44 киши доимий иш билан таъминланган.

Ўтган йили 37 гектар майдонда пахта етиштириб, давлатга пахта сотиш режасини 102 фоизга бажардик. Шунингдек, 60 гектар майдонга дон экиб, 169 тонна ғалла топширдик.

Фермерларга яратилган шароитлар асосида биз ҳам фаолиятимизни тобора кенгайтириб бормоқдамиз. Айни пайтда фермер хўжалигимизда 50 бош қорамол, 28 бош бузоқ, 60 бош қўй, 100 га яқин парранда боқилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда 60 гектар майдонда қизилмия илдизи етиштириш бўйича плантация ташкил этилган. Дастлабки майдонларда 6 йилдан бери ўсиб ривожланган қизилмия илдизи ҳозир тайёр маҳсулот ҳолатига келди. Бу йўналишда ҳам 14 кишининг бандлиги таъминланган.

Ҳар йили олинган даромадни ҳисоблаймиз. Фермер хўжалигимиз сўнгги уч йилда жами 1 832,5 млн. сўм даромад, техникаларнинг лизинг ва кредит қарзларини қайтариш ва бошқа харажатлардан ҳар йили 500 миллион сўмга яқин соф фойда билан якунлаб келяпмиз. Хўжалигимизга юқори унумли экин майдонларини ҳайдаш техникасидан тортиб, замонавий юқори агрегатларгача олганмиз.

Ўзим ўрни келганда ҳисобчи, ишчи ва механизатор бўлиб тракторларни бошқариб кетавераман. Турмуш ўртоғим ва 5 нафар фарзандим, оиламиз аъзоларининг ҳар бири менга мададкор.

Фермерлик фаолиятимда эришган натижаларим билан танловларда қатнашиб келмоқдаман. 2021 йилда Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказилган «Йил аёли – 2021» миллий танловининг Республика босқичида Гран-при ғолиби бўлиб, Президент совғаси «Jentra» автомобили билан тақдирландим.

Совға фермер хўжалигимизнинг янги тармоқларини ривожлантиришга туртки бўлди. 2022 йилда ўз ҳисобимиздан 600 туп мевали кўчатлар экиб, «Оналар боғи» ташкил қилган эдик. Келгуси йили Жаҳон банкининг «Оролбўйи минтақасининг иқлим ўзгаришини юмшатиш лойиҳаси» бўйича ўзимнинг бизнес режам билан қатнашиб, 600 млн грант ютиб олишга муваффақ бўлдим.

Туркия давлатидан 7 минг 250 туп юқори турдаги қорамиқ кўчати олиб келиниб, 8 гектар майдонга экилди ва бугунги кунда уларга парвариш беряпмиз. Ўтган йили ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро грант танловларида бизнес режамиз билан қатнашиб, 200 миллион сўм грант соҳиби бўлиб, 1 гектар майдонда янги боғ яратилди. Шу тариқа боғдорчилик тармоғимиз тобора кенгайиб ривожланмоқда.

Энди, ун ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқдамиз. Бунинг учун банкдан 300 млн сўм кредит олиб, қурилишларини бошладик. Хуллас, ғаллани етиштиришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни ўзимиз ташкил этиб, халқимиз дастурхонига етказишни мақсад қилиб олдик.

Президентимизнинг «Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирландим.  Бу ишонч жамоамизни олдимизга қўйган мақсадларимизни амалга оширишга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, нафақат маҳаллий бозорни таъминлаш, балки экспортга чиқаришга ундайди.

Палзада Салиева,

Кегейли туманидаги «Арзиў» кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи, «Дўстлик» ордени соҳиби.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги