Яна бир ёшга турар жой калити топширилди

150

Юртимизда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган «Инсон қадри учун» тамойили асосидаги ислоҳотлар ҳар бир ҳудудда ўз самарасини кўрсатмоқда. Бу жараёнда жамиятнинг эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қатлами — ота-онасидан эрта айрилган ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг моддий ва маънавий таъминоти, таълим олиши, касб эгаллаши, иш ва уй-жой билан таъминланиши каби масалалар давлат зиммасига олинган.

Шу мақсадда 2025 йил давомида Беруний туманида 8 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни уй-жой билан таъминлаш белгиланган. Бугун туманда яна бир ёшга давлат ғамхўрлигининг амалий ифодаси сифатида бир хонали, барча қулайликларга эга уй-жой топширилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Инсон ижтимоий хизматлар маркази Беруний тумани бўлими томонидан Сухроб Юлдашевга Тўқимачи маҳалласида берилган ушбу хонадон, байрам арафасида унинг учун катта совға бўлди. Ҳозирда талабалик даврини бошдан кечираётган, илм соҳасида юқори марраларни кўзлаётган С.Юлдашев келажакда ўз мутахассислиги бўйича етук кадр сифатида юртимизга хизмат қилиш истагини билдирди.

— Менга Президентимизнинг топшириғи билан 1 хонали уй топширилди ва мен буннан бағоят хурсандман. Кўрсатилган ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдираман. Мен учун бу байрам олдидан катта совға бўлди, — дейди у.

Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар, шубҳасиз, ҳар бир ёш қалбида умид ва ишонч уйғотади, келажакка ишонч билан интилишга руҳлантиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги