Нукусда рекордчи ёшлар тантанали кутиб олинди

25 дақиқа ичида 1946 та робот тайёрлаб, «Янги Ўзбекистон учун» Гиннес рекордини ўрнатган ёшларимиз Нукус шаҳрига етиб келишди. Улар Нукус давлат техника университетида тантанали равишда кутиб олинди.
Маросимда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Б.Қаипбергенов, ректор маслаҳатчиси Ж.Жумабеков ҳамда бир қатор масъул шахслар иштирок этди ва рекордчи ёшларни қутлашди. Шунингдек, уларга Гиннес рекордлари ташкилоти томонидан берилган махсус сертификат ҳам топширилди.

Маълумки, «Янги Ўзбекистон» боғида тарихий воқеа содир бўлди — 1946 нафар ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 1946 та кичик роботни йиғишга муваффақ бўлди. Бу орқали Ўзбекистон ёшлари янги Гиннес рекордини ўрнатишди.
Нукус давлат техника университетида Қорақалпоғистон Республикасидан келган 141 нафар ёш делегация ҳам тантанали тарзда қарши олинди. Улар орасида ҳали 7-синфга қадам қўймаган кичик ёшли болакай ҳам бор эди. У ҳам катталар қаторида миссияни муваффақиятли бажариб, рекорд ўрнатишда иштирок этди.

Тадбирда Нукус давлат техника университети ректори Б.Қаипбергенов сўзга чиқиб, ёшларни қутлади:
— Бугунги кун тарихий кун сифатида ёдда қолади. Бизнинг ёшларимиз ўз иқтидори, билим ва меҳнати билан бутун дунёга Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини кўрсатди. Бу натижа мамлакатимиз раҳбариятининг ёшларга қаратаётган эътибори ва яратиб берилаётган имкониятлар самарасидир. Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли ёшларимизнинг бундай юксак ютуқларга эришишига замин яратилди, — деди ректор.
Шунингдек, Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов, меҳмонлар ҳамда рекордчи ёшларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, уларни муборакбод этишди.

Тадбир концерт дастури билан давом этди.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг олий таълим муассасаларида тантанали кутиб олиш маросимлари шу билан чекланиб қолмайди, республика бўйлаб давом этади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муалифнинг туширган расмлари