68 километр ичимлик суви тармоғи тортиш, 5 та сув тақсимлаш иншооти қурилиши давом этмоқда

Республикамиз бўйлаб аҳоли турмушини яхшилаш мақсадида ободонлаштириш, йирик қурилиш-таъмирлаш ишлари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Мўйноқ туманида ҳам ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – деб хабар бермоқда «Қорақалпоқ сув таъминоти» АЖ ахборот хизмати.

Хусусан, тумандаги Мўйноқ, Шағирли, Дўстлик ва Тик ўзак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида «Осиё тараққиёт банки» иштирокидаги «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси асосида ҳозирги вақтда 68 километр узунликдаги ичимлик сув тармоғи тортилиб, 5 та сув тақсимлаш иншоотини қуриш ишлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4271-сонли қарорига мувофиқ, «Осиё тараққиёт банки» (ОТБ) иштирокида лойиҳа қиймати 172,3 млн. долларлик лойиҳани 2021-2025 йилларда амалга ошириш белгиланган.

Лойиҳа асосида «Туямўйин» сув тозалаш иншоотини (қуввати суткасига 140,0 минг м3), «Тахиатош» сув тозалаш иншоотини (қуввати суткасига 120,0 минг м3) реконструкция қилиш ва «Манғит» сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш (қуввати суткасига 40,0 минг м3) ишларини ҳамда республикамизнинг 6 туманида (Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманлари) жами узунлиги 1236 километрлик ичимлик сув тармоқлари билан 26 ичимлик сув тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги