Автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси У.Рўзиқулов, «ADM Global» компанияси бош директори Д.Давлетияров, компаниянинг ташқи алоқалар ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик бошқармаси директори С.Аббасов, «ADMC DASAN» компанияси бош директори ўринбосари, маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи А.Солиев билан учрашди.

Ўтказилган учрашувда автомобиль ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали маҳаллийлаштириш ишларини жадаллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар тақдимоти кўриб чиқилиб, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ўз навбатида, Жўқорғи Кенгес Раиси Президентимизнинг Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш йўналишида алоҳида берилган имтиёзларни кенг тарзда таъкидлаб, янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳар қандай лойиҳа қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Учрашувда меҳмонлар самимий қабул учун ўз миннатдорлигини билдирди ва биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Таъкидлаш жойизки, бугунги кунда KIA автомобиль ишлаб чиқариш компаниясининг Қорақалпоғистондаги бўлинмасини очиш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш масалалари ҳам ўрганилиб, бу бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.