Нукусда «Cyber Week» – кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳафталик бошланди

100

Республикамизда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида киберхавфсизлик маданиятини ошириш ва кибержиноятларнинг олдини олиш мақсадида «Киберҳафта» (Cyber Week) тадбирлари бошланмоқда.

Ушбу тадбир доирасида Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Марказий банк, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, «Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ («Uzcard») масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва турли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда рақамли технологиялар жадал ривожланиши билан бирга, кибержиноятлар сони ҳам кескин ортиб бормоқда.

Сўнгги беш йил ичида кибержиноятлар сони 68 баравар кўпайган.

2024 йилда улар 2023 йилга нисбатан 9,1 баравар ошган.

Мазкур давр мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан киберҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 бараварга кўпайган.

Фуқаролар кўрган зарар миқдори эса 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.

ИИВ маълумотларига кўра, 2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 62 турдаги 58 минг 800 тага етган.

2023 йилда кибержиноятлар умумий жиноятчиликнинг 6,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 44,4 фоизга етган. Яъни, ҳар икки жиноятдан бири ахборот технологиялари орқали содир этилмоқда.

Кибержиноятларнинг катта қисми (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ. Жумладан:

60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар орқали банк картаси ёки мобил қурилма абонентлик қутаси аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодини қўлга киритиш йўли билан;

16 фоизи турли андировлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи маълумотларни расмийлаштириш орқали;

4 фоизи шахс номига савдо онлайн платформалардаги фойдаланиш орқали;

9 фоизи турли усулларда фойдаланувчилардан фридорлик схемалари орқали маблағларни жалб қилиш орқали содир этилмоқда.

11 фоизи онлайн савдо платформалардаги фридорликлар орқали.

Кибержиноятларнинг олдини олиш мақсадида қатор ҳуқуқий ва ташкилий-техник чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида рақамли саводхонликни ошириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази ва Uzcard ҳамкорлигида ўтказилаётган «Cyber Week» акцияси доирасида ёшлар, ташкилот раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирокида маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Анжуманда қайд этилганидек, замонавий рақамли технологиялар имкониятлари ортиб бориши билан бирга, кибержиноятлар ҳам янги кўриниш ва усулларда содир этилмоқда. Шу боис ҳар бир фуқаро шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни шахсий одатга айлантириши зарур.

ИИВ ва мутасадди идоралар ушбу йўналишдаги ишларни кучайтирар экан, аҳоли ҳам замонавий киберҳавф-хатарлардан доимо огоҳ бўлиши кераклиги таъкидланди.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси