«Жасорат мактаблари» фан йўналишлари бўйича малака ошириш курслари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги «Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида, 2025 йил 18 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида «Жасорат мактаблари» фан йўналишлари бўйича ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган малака ошириш курслари бошланди.
Мақсад – мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, уларнинг барча йўналишларда билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича белгиланган кенг кўламли вазифаларни самарали амалга оширишдан иборат.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта (Президент, ижодий, ихтисослаштирилган таълим муассасалари) таълим ташкилотларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг нуфузини ошириш ва ЧҚБТ раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади.
Бунда, республикада «Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, фаол ҳаётий позиция» тамойили асосида янгиланган ЧҚБТ фанининг ўқув дастури ва дарсликларини яратиш, таълим ташкилотларида ЧҚБТ фани ҳафтасига икки соатдан ўқитилишини белгилаш, бунда таянч ўқув режасида 10-11-синфларга ҳафтасига бир соатдан қўшимча юклама киритиш каби вазифалар белгиланган.
Ушбу курслар доирасида иштирокчиларга замонавий педагогик ёндашувлар, илғор тажрибалар, фанларни ўқитишда инновацион методлар, шунингдек, ўқувчиларда ватанпарварлик, мардлик ва ижтимоий фаолликни шакллантириш бўйича амалий кўникмалар берилиши режалаштирилган.




Курслар 2025 йил 22 августгача давом этади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги