Сенатда нашриётларнинг 248 тасида бош муҳаррир лавозими йўқлиги танқид қилинди

120

Мамлакатимизда ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштириш, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кейинги тўрт йилда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тага етган. Шундан хусусий нашриётлар 531 та (90 фоиз)ни ташкил этмоқда. Нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда (олдин 7 минг) 40 миллион нусхада китоб нашр этилмоқда.

Соҳага 25 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиб, 2025 йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинди.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида шу ҳақда гап борди. Таҳлиллар амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатгани қайд этилди.

Хусусан, ҳозирда нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар ва масъулиятига оид нормаларнинг йўқлиги амалиётда айрим муаммо ва камчиликларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид, болаларнинг ёш хусусиятларига мос бўлмаган, тарихий фактлар ва тиббиётга оид китобларда нотўғри маълумотлар нашр этилиши, шунингдек, чоп этилган китоблар давлат стандартлари талабларига мос эмаслиги кузатилмоқда. Нашриётларнинг 248 тасида бош муҳаррир лавозими йўқ.

Шу каби камчиликларга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун мажлисда муҳокама этилди.

Қонунда бир қатор янги нормалар белгиланмоқда. Хусусан, бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Бунда бош муҳаррир нашриётнинг ижодий фаолияти учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, бош муҳаррир нашрларнинг мавзу йўналишларидан келиб чиқиб, тегишли экспертлар ва олимларнинг ёки илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризларини мустақил равишда олишга ёки муаллиф (муаллифлар)дан уларнинг тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли экани белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши китобларнинг миллий стандартлар асосида чоп этилиши, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид мазмундаги ахборотлар тарқатилишининг олдини олиш ҳамда нашриётларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижро ҳолати муҳокама этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ички ишлар вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъулларининг масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Сенаторлар томонидан ижроси ортда қолаётган вазифалар ижросини, хусусан мазкур йўналишлардаги халқаро рейтинг ва индексларда  Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича ишларни янада жадаллаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди.

Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижро ҳолатига доир долзарб масалалар юзасидан таҳлилий маълумотларни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига тақдим этиш назарда тутилмоқда.

Н.Абдураимова,

ЎзА