Тақиркўлда замонавий саноат корхонаси қурилмоқда

187

Нукус тумани Тақиркўл овул фуқаролар йиғини ҳудудида «OSTEN TECHNOLOGIES» масъулияти чекланган жамияти томонидан йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллион долларни ташкил этади.

Мазкур ишлаб чиқариш ташаббуси Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган 129-сонли Фармони асосида амалга оширилмоқда. Шу фармонга мувофиқ, инвестиция киритиш мажбурияти билан компанияга тўғридан-тўғри ер майдони ажратилган.

Лойиҳани ишга тушириш натижасида 300 нафар янги иш ўрни яратилади. Корхона йилига 900 минг метр иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шунингдек, 10,8 миллион долларлик тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур заводнинг ишга тушиши нафақат маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратади, балки ҳудуд саноат салоҳиятини ҳам оширади. Шу билан бирга, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш орқали мамлакат валюта тушумлари кўпайишига хизмат қилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги