Дунёнинг энг кучли ҳарбий триатлончилари Самарқандда беллашмоқда

137

Самарқанд шаҳрида спортнинг триатлон тури бўйича ҳарбийлар ўртасида 25-жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM), Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида юртимизда илк бор ташкил этилган чемпионат олдидан бугун матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари, полковник Алишер Нарбаев, халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISМ) Бош котиби Роберто Реччия ва мусобақа ҳакамлари мазкур мусобақанинг аҳамияти, спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ҳамда чемпионат дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

– Триатлон олимпия спорт турлари жумласига киритилган бўлиб, бу фақатгина спорт эмас, балки инсон имкониятларининг чегарасини синовдан ўтказувчи йўлдир, – дейди А.Нарбаев. – Уч спорт турини жамлаган мазкур спорт машғулотининг бир босқичи спортчидан нафақат жисмоний куч, балки руҳий барқарорликни талаб қилади. Мазкур чемпионатнинг Ўзбекистонда ўтказилиши спорчиларнигина эмас, дунё халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун мусобақа ўтказиладиган ҳудуд жаҳон стандартлари асосида тайёрланди ҳамда спортчиларга зарур шароитлар яратилди.

Мусобақада дунёнинг 13 давлати – Ўзбекистон, Белгия, Канада, Испания, Франция, Германия, Словения, Швейцария, Қатар, Россия, Эрон, Португалия ва Қозоғистондан 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда. Беллашувлар икки тоифада – яккалик ва жамоавий гуруҳлар ўртасида ўтказилади. Спортчилар 750 метрга очиқ сув ҳавзасида сузиш, 19 километр велопойга ҳамда 5 километр югуриш босқичларида куч синашади.

Матбуот анжуманида халқаро ҳарбий спорт кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиб келаётган спортчилар ҳам журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

– Триатлон бўйича жаҳон чемпионатида чемпионлик ва совринли ўринларни қўлга киритганман, – дейди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси аъзоси Алина Ҳакимова. – Хусусан, 2021 йилда Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 13 та терма жамоа орасида жамоавий баҳсда иккинчи, ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллаганман. Самарқандда ўтказилаётган ушбу чемпионатга Қирғизистонда катта тайёргарлик олиб бордик. Албатта, ўзим туғилиб ўсган вилоятда ҳам юқори натижа кўрсатишни мақсад қилганман.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари