Бу йилги акцияларга 5000 га яқин фуқарони қамраб олиш режалаштирилган

138

Жорий йилнинг 18-19 август кунлари «Юксалиш» ҳаракати томонидан, Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда «Нотариуслардан бепул ҳуқуқий билимлар» шиори остида навбатдаги акцияни ўтказиш режалаштирилган бўлиб, мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқ билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлаш, шунингдек, фуқароларга турли ҳуқуқий муаммоли масалаларда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Бу галги акция Тахиатош туманидаги ҳарбий қисмда ўтказилиб, нотариус ва юрист ходимлар томонидан ҳарбий хизматчиларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Акция давомида ҳарбий хизматчиларга уй-жой, квартира, хизмат турар жойи, ихтисослаштирилган уйлар ижара шартномаси (қўшимча ижара) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар тўғрисида тушунчалар берилди. Шу жумладан мулк олди-соттиси, мерос ҳуқуқи, оилавий муносабатлар ва никоҳ шартномасини расмийлаштириш, ишончнома ва аризани расмийлаштириш, совға, ижара, ҳужжат таржимасини тасдиқлаш ҳамда миграция ва нотариал соҳага алоқадор бўлмаган турли масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди ва уларга тушунтиришлар берилди.

Ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбир якунида жами 17 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шундан еттитаси мерос масаласида ва уни бошқа нотариал ҳаракатлар бўйича бўлди.

Маълумот учун, «Юксалиш» ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу пайтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, жумладан, хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Акция 2020 йилдан бошлаб 6 йил давомида амалга оширилиб, қамров 2020 йилда 607, 2021 йилда 1166, 2022 йилда 2235, 2023 йилда 4140, 2024 йилда 4320 нафарга кўпайган. Бу йил ҳам 5000 га яқин фуқарога бепул маслаҳатлар бериш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги