Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилалар тоза ичимлик суви билан таъминланади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
а) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида субсидия олувчиларга артезиан қудуғи қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларини қоплаш хизмати “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали кўрсатилади;
б) “ЯМИҲ” АТда артезиан қудуғи қазиш хизматларини кўрсатиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини сотиш ҳамда ўрнатиш аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтамоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “ЯМИҲ” АТга киритилган оммавий офертани тасдиқлаш орқали Реестрга бепул ва ихтиёрийлик асосида киритилади;
в) субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш хизматлари “ЯМИҲ” АТ орқали мустақил танланади ва харид қилинади;
г) субсидия олувчиларнинг артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 90 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади. 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам учун Давлат бюджетидан ажратилган харажатларнинг қолган қисми мазкур тадбирларга йўналтирилади;
2026 йилдан бошлаб ушбу тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилади.
Субсидия олувчиларга субсидия қуйидаги шартларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда ажратилади:
субсидия олувчилар турар жойида артезиан қудуғи қазиш хизматлари, сув насоси ва сув фильтрини сотиш ва ўрнатишга доир ишлар Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган бўлса;
субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қаздирилиб, сув насоси ва ичимлик суви фильтри ўрнатилгани тўғрисидаги ушбу оилалар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси масъул вакиллари томонидан жойига борган ҳолда хулоса расмийлаштирилган бўлса;
субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қаздирилиб, сув насослари ўрнатилгани натижасида олинган сувнинг истеъмолга яроқлилиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойига борган ҳолда хулоса расмийлаштирилган бўлса.
Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
субсидия олувчилар томонидан электрон савдо платформаси орқали артезиан қудуғи қаздириш, сув насослари ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш бўйича буюртмалар бериш;
субсидия олувчиларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазилгани, сув насослари ўрнатилгани ҳамда ичимлик суви фильтрлари харид қилиниб, ўрнатилганини ўрганиш;
субсидия олувчиларга уларнинг турар жойида артезиан қудуғи қаздириш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиб, ўрнатиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби белгилаб берилган.
ЎзА