Хотин-қизларнинг фаоллиги оширилмоқда

Жамият тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, уларнинг иқтисодий мустақиллиги, шахсий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шароитлар уларнинг ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартириб, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тўрткўл туманида ўтказилган йиғилишда айнан шу масалалар муҳокама этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова иштирокида ташкил этилган учрашувда хотин-қизларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка кенг жалб қилиш, уларнинг фаоллигини ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими маълумотига кўра, тадбирда иштирок этган хотин-қизларга мавжуд имкониятлар, ўз бизнесини йўлга қўйиш, маҳсулотларини бозорга олиб чиқиш йўллари ҳақида кенг тушунчалар берилди. Уларнинг шахсий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, амалиётдаги қийинчиликларни бартараф этиш механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Бу эса иштирокчиларда янада катта қизиқиш уйғотди.

Бундай учрашувлар хотин-қизларнинг ҳаётдаги фаоллигини кучайтириш, жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги