Қўмита мажлисида айрим қонунларга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 14 август куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Қўмита аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, республикамизда миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини энг юқори даражада таъминлаш, шу жумладан, иқтисодиёт соҳаларининг ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қонун билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга қурилишда фойдаланиш учун мўлжалланган қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш харажатларини қоплаш учун утилизaция йиғимини жорий этишни назарда тутувчи ҳамда айрим қонунларга Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг номи ва ҳуқуқий мақоми ўзгартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун қабул қилиниши қурилиш ойнаси саноатини ривожлантиришга, унинг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтиришга, қурилиш ойналарининг сифатини янада яхшилашга, шунингдек, мамлакатнинг расмий статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Мажлисда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан юборилган сўров натижасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Жумладан, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 49,7 млрд сўм бўлган 49 та амалий, 7 та инновацион, 1 та фундаментал, 12 та халқаро лойиҳалар бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Илмий-тадқиқот институтларида тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган қисқа ротацияли алмашлаб экиш тизими ишлаб чиқилган ҳамда институтларнинг вилоятлардаги илмий-тадқиқот станциялари ва уруғчилик тажриба хўжаликларида 70 дан ортиқ янги ғўза навларининг бирламчи уруғчилиги ташкил қилинган.
Шу билан бирга, “Сабзавот нав уруғлари” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилиб, сабзавот ва полиз экинлари нав ва дурагайларининг уруғларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ҳамда турли экстремал шароитларга чидамли бўлган бошоқли ва дуккакли дон экинлари навларини яратиш мақсадида “In vitro-seeds” мажмуи ташкил этилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги йўлга қўйилиб, агрокластерлар, фермерлар ҳамда бошқа ишлаб чиқарувчилар билан хўжалик шартномалари асосида илмий ишланмалар жорий этилган.
Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
***
Шу куннинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда доимий комиссияларнинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг асосий йўналишлари бўйича аниқ режаларни белгилаш, ваколатлари доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ натижаларга эришиш бўйича тажриба алмашилди.
Қўмита аъзолари томонидан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг соҳа бўйича қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириб бориш, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда уларнинг фикрини олиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экинларни суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда соҳада янги иш ўринларини яратиш, атроф муҳитни асраб-авайлаш, юзага келаётган муаммолар ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари ўз фикр ва таклифларини билдирди.