Ўзбекистонлик самбочиларнинг жаҳон аренасидаги ютуғи

Жорий йилнинг 12–16 август кунлари Хитойнинг Чэнду шаҳрида спортнинг самбо тури бўйича йигитлар ва қизлар ўртасида Жаҳон ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи самбочилар иштирок этмоқда.
Кечаги кунги баҳслар Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди. Спортчиларимиз жами тўртта медални қўлга киритишди — 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза.
Энг катта ютуқка Шаҳзода Азатова эришди. У -59 кг вазн тоифасидаги беллашувларда барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади ва олтин медаль соҳибаси бўлди. Бу натижа нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Ўзбекистон терма жамоаси шарафини янада баланд кўтарди.
Ўзбекистонлик самбочиларнинг бу муваффақияти мамлакатимиз спорт тарихига яна бир ёрқин саҳифа сифатида кириши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги