АҚШ молия вазири: Россияга қарши санкция кучайтирилиши мумкин

159

Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трампнинг Аляскадаги учрашуви муваффақиятли якунланмаса, АҚШ Россияга нисбатан санкция босимини кучайтириши мумкин, деди молия вазири Скотт Бессент.

– Биз Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олгани учун иккиламчи бож қўйдик, – деган у “Блумберг” телеканалига берган интервьюсида. – Агар вазият ёмонлашса, санкция ёки иккиламчи бож оширилиши мумкин.

Шу билан бирга вазир санкциянинг кўлами ва муддати икки давлат раҳбарлари учрашуви натижасига қараб ўзгариши эҳтимолини ҳам истисно этмади:

– Санкция кескинлашиши ёки юмшаши мумкин. Масалан, муддат чегараланиши ёки чексиз давом этиши мумкин.

Шунингдек, у Европа давлатларини Москва зиммасига иккинчи даражали мажбурият юклаш фикрига қўшилишга чақирди:

– Бу ҳақиқат лаҳзаси – ё ҳаракат қилинг ёки жим туринг. Президент ўз таъсир кучини яратмоқда. Европаликлар бизга қўшилиши, ёрдам бериши керак.

Кремль ва Оқ уй аввалроқ Путин ва Трамп 15 август куни Аляскада учрашишини билдирган. Сешанба куни Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт саммит Анкорижда бўлиб ўтишини қўшимча қилган.

С.Раҳимов, ЎзА