Аҳоли фикри ва овози билан Бўзатовда йўл инфратузилмаси яхшиланмоқда

Халқимизнинг ижтимоий ҳаётини яхшилаш, муаммоларини бевосита уларнинг иштирокида ҳал этиш мақсадида жорий этилган «Ташаббусли бюджет» дастурининг 2025 йил 1-мавсуми доирасида Бўзатов туманида муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.
1-мавсум якунларига кўра, Бўзатов ППЖ ҳудудидаги «Мустақиллик,» «Устозлар» ва «Бўзатов» кўчаларининг 2 километр 100 метр қисмини янгидан асфалтлаш лойиҳаси энг кўп овоз тўплаб, ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа аҳоли ташаббуси ва овози асосида танланган бўлиб, туман аҳолисининг кўп йиллик муаммосини ҳал этишга хизмат қилади.
Ўтган йилларда бу йўллар қопламаси яроқсиз ҳолга келиб, транспорт ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатган. Лойиҳа якунида 2,1 километр узунликдаги йўл замонавий асфальт қопламаси билан таъминланади. Натижада маҳаллий аҳоли, айниқса ўқувчилар, ишчи-ходимлар ва тадбиркорлар учун қулай ҳаракатланиш имконияти яратилади. Транспорт қатнови яхшиланиб, йўл-транспорт ҳодисалари хавфи камаяди.

Ушбу лойиҳа «Ташаббусли бюджет» дастурининг аҳолининг бевосита фикри ва овози асосида ижтимоий инфратузилма муаммоларини самарали ҳал этишдаги амалий натижасидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги