Байрам арафасида Тахиатошда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда

160

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Тахиатош туманида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилиб, қурилиш соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, туман ички йўллари, жумладан, Шароф Рашидов кўчасидаги ўзгаришларни кўриб кўнглингиз қувончга тўлади.

Ҳозирги вақтда Ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида туман ҳудудидаги 4 тамаҳалла ҳудудидан ўтувчи ички йўлларнинг 1 км дан ортиқ қисмида асфалтлаш ишлари якунланди.

Маълумот учун, туман бўйлаб 8 лот 7,6 км йўлга қора қопламали асфальт ётқизиш режалаштирилган. Бу йўл нафақат оддий йўл, балки бу йўлдан ўтувчи фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Шундай  ижобий ўзгаришлар қаторида ичимлик суви тармоғидаги авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида эски сув қувурлари ҳам янгисига алмаштирилмоқда. Шунингдек, Обод макон маҳалласи ҳудудида 120 метр масофада реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, байрам арафасида туман аҳолиси фаровонлиги учун замонавий тунги ёритгичлар, видеокузатув мосламалари, хавфсиз йўллар қурилиши ҳам белгиланган. Туман бўйлаб жами 1 км масофадаги эски қувурлар янги қувурларга алмаштирилади. Бу орқали ичимлик суви етказиб беришдаги муаммолар бартараф этилиб, авария ҳолатларининг олди олинади.

Туман марказида барпо этилаётган «Креатив парк» қурилиши қизғин давом этмоқда. Умумий ер майдони 18 гектарни ташкил этадиган боғда ёшлар боғи, фавворалар, маданий-оммавий тадбирлар учун майдон ва саҳна, амфитеатр, 10 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, болалар ўйингоҳчаси, аттракционлар ўрин олиши ҳамда сув ҳавзаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Шиддат билан олиб борилаётган бу тадбирлар байрам арафасида туман аҳолиси учун кўтаринки кайфият бағишлаб, яратилаётган қулайликлар байрамга  муносиб совға бўлиши шубҳасиз.

 

                                              Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги