Байрам арафасидаги тадбирлар давом этмоқда

Бугунги кунда жамият тараққиётининг асосий омили – фуқароларнинг билимли, фаол ва кенг дунёқарашли бўлиши ҳисобланади. Инсонларни маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган ҳар қандай ташаббус муҳим аҳамият касб этади. Бундай тадбирлар орқали нафақат билим синалади, балки турли соҳалар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, тажриба алмашинуви ва ҳамкорлик муҳити юзага келади.
Беруний туманида ўтказилган “Маьнавият кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ана шундай аҳамиятли ташаббуслардан бири бўлди. Унда турли ташкилот ва корхоналар, маҳалла еттилиги ҳамда таълим муассасаларида меҳнат қилаётган фаоллар иштирок этди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги” муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ташкил этилган мазкур “Заковат” интеллектуал ўйини юқори савияда ўтди. Бу беллашув ҳар бир иштирокчига билим ва заковатни синовдан ўтказиш баробарида, янги ғоялар билан илҳомланиш ва фуқаролик фаоллигини ошириш имконини ҳам берди.
Натижаларга кўра, биринчи ўринни Ёшлар ишлари бўлими эгаллади. Иккинчи ўринга SEO ва JSB жамоаси, учинчи ўринга эса Мактабгача ва мактаб таълими бўлими таркибидаги “Маьнавият посбонлари” жамоаси сазовор бўлди.

Бундай тадбирлар аҳоли ўртасида билим ва маънавиятни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади. “Заковат” ўйини эса бу йўналишдаги энг самарали платформалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги