“Таътил оқшоми” байрам тадбири юқори руҳда ўтди

Ёш авлоднинг мазмунли дам олиши, иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши, шунингдек, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, касб-ҳунарга қизиқиш туйғусини шакллантириш мақсадида жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Тўрткўл туманида ҳам “Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида навбатдаги тарбиявий тадбир ташкил этилди.
Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли “Баркамол авлод” болалар мактабида “Таътил оқшоми” байрам тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда туман ҳокимлиги, диний идоралар ва маънавият маркази вакиллари иштирок этишди. Жумладан, Тўрткўл тумани ҳокимлигининг маънавий-маърифий ишлар бўйича мутахассиси Н.Черикаева, туман имом-хатиби Д.Киличев, Диний ишлар бўйича қўмитанинг туман бўйича бош мутахассиси Қ.Омонбоев ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими ходимлари қатнашишди.


Унда сўзга чиққан маъсуллар ёшларни миллий ҳунармандчилик ва касб-ҳунарга қизиқтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, маънавий тарбияни кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, айрим фаоллар Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман бўлими томонидан рағбатлантирилди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари турли миллатлар рақсларини ижро этди. Иқтидорли ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчиларга завқ бағишлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги