Германия-Ўзбекистон: Спорт тиббиётида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Шу кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган германиялик спорт тиббиёти соҳасида катта тажрибага эга бўлган мутахассис Симон Бросседер Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда унинг қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожиддинов ва бошқа мутахассислар билан мулоқот давомида германиялик мутахассис Ўзбекистон ва Германия спорт тиббиётидаги ўзига хосликлар ҳақида сўз юритиб, пойтахтимизда бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасидаги шарт-шароитлар, Давлат спорт тиббиёти ва илмий-амалий маркази фаолияти халқаро талабларга жавоб беришини қайд этди.

Мамлакатимизда спортчилар соғлиғини мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, илғор тажрибалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида ўз таклифларини билдириб ўтди.
Шунингдек, германиялик мутахассис Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтказилган учрашувда футболчиларнинг тикланиши, уларнинг саломатлигини назорат қилиш борасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича таклифларни илгари сурди.


Т. Рўзиев, ЎзА