ЕИ Россиянинг музлатилган 1,6 миллиард евро даромадини Киевга ўтказди
Европа Комиссияси хабар беришича, ЕИ Россиянинг музлатилган суверен активларидан олинган даромаднинг маълум бир қисмини Киевга ўтказиб берди.
– Россия Марказий банкининг иммобилизацияланган активларидан олинган 1,6 миллиард евролик учинчи транш Украинани қўллаб-қувватлашга қаратилган, — дейилган баёнотда.
Европа комиссияси аввалроқ 2024 йил июль ва 2025 йил апрель ойларида РФ активидан олинган даромадни Украинага ўтказганини эслатди.
Июлда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас август ойи охирида бўлиб ўтадиган ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Россия ҳисобидан Украина эҳтиёжи учун фойдаланиш масаласини муҳокама қилишга ваъда берган, бироқ иттифоқ мамлакатлари бу борада ягона ёндашувга эга эмаслигини ҳам тан олган.
Россия ТИВ Европадаги Россия активлари музлатилишини ўғирлик, деб ҳисоблайди ва ЕИ нафақат хусусий маблағлар, балки РФ давлат активларини ҳам нишонга олганини таъкидлаб келади. Масалан, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва активлари Ғарб томонидан мусодара қилинишига жавоб беришини айтган.
С.Раҳимов, ЎзА