Ўзбекистон Польша билан туризм ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиради

Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев Польша спорт ва туризм вазирлиги давлат котиби Пётр Борис билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида туризм ва спорт соҳасидаги Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Суҳбатдош туризм Польша иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири эканлигини таъкидлади. Айни пайтда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши қарийб 5 фоизни ташкил этса, Польша томони 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 10 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйган.
Пётр Борис, шунингдек, 2025 йил бошидан буён Ўзбекистонга 8 мингдан ортиқ поляк сайёҳлари борганини билдирди ва бу рақамларни янада ошириш учун имкониятлар борлигини қайд этди.
Томонлар икки мамлакатда сайёҳлик кўргазмалари, реклама ва маданий тадбирларни ўтказиш орқали ўзаро туризмни тарғиб қилиш, туризм ва спорт соҳаларида идоралараро маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Польша волейбол федерациялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, футбол бўйича Ўзбекистон ва Польша миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, шунингдек, Самарқанд–Краков йўналишида авиақатновларни очиш каби таклифлар музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.